Ўзбекистон Россиядан ўз машиналарига солинган божни бекор қилишни сўради

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар экапортининг катта қисми Россияга тўғри келади.

Ўзбекистон ҳукумати Россиядан ўзбек автомобилларига жорий қилинган утилизация тўловларини бекор қилишни сўради. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимова бу масалани 13 декабр куни Тошкентда ўтган Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси мажлисида кўтарди.

РИА Новости, Азимовнинг “Россия томони маҳсулотмизнинг Россия бозорига киришини жиддий тарзда қийинлаштирувчи шароитларни жорий қилиш бўйича қадамларни қўйди”, деган сўзларидан иқтибос келтирмоқда.

Азимов 1 сентябрдан бошлаб жорий қилинган бож тўловлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар нархининг кўтарилиши ва натижада унинг Россия бозорида сотилиши сустлашишига олиб келганидан таассуф билдирган.

У Ўзбекистонда ҳам Россия автомобилларига шунга ўхшаш шароитлар жорий қлинмаслиги учун тегишли чоралар кўрилишига чақирган.

Россияда янги ва ишлатилган автомобиллар учун утилизация тўловлари 1 сентябрдан жорий қилинди. Бунга Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши сабаб бўлди.

Тошкентда ўтаётган Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси мажлисида Москва делегациясига Россия Бош вазир ўринбосари Дмитрий Козак етакчилик қилмоқда.