Ўзбекистон “қора бозор”ида доллар арзонлади

Ўзбекистон “қора бозори”да АҚШ долларининг курси кун сайин арзонлаяпти. Жорий ҳафта бошида 1 АҚШ долларининг ўзбек сўмига нисбати “қўл”да 2780 сўмни ташкил қилган бўлса, жума куни бу кўрсаткич 2650 сўмни ташкил қилди.

Озодлик манбаларига кўра, доллар курсининг пасайиши "GM-Uzbekistan" машиналарининг қайта савдога қўйилгани билан боғлиқ.

"GM-Uzbekistan" автомобилларининг аксари фақат сўмда сотилгани боис машина харид қилишни хоҳловчилар долларда бўлган пулларини ўзбек сўмига айлантираётгани натижасида “қора бозор”да доллар курсининг пасайиши кузатилаяпти.

Ўзбекистонда АҚШ долларининг расмий курси “қора бозор”га нисбатан анча арзонлиги боис аҳоли пул алмаштиришда “қора бозор”ни маъқул кўради.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, бугунги кунда 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 1976.44 сўмни ташкил қилаяпти.