Қозоғистон Бош вазири Серик Ахметов Тошкентга келди

Қозоғистон Бош вазири Серик Ахметов.

Бугун Қозоғистон Бош вазири Серик Ахметов икки кунлик расмий ташриф билан Тошкентга келди.

Расмий хабарларга кўра, Ахметовни Тошкент аэропортида Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари Ғуломжон Иброҳимов кутиб олган.

Ташрифи давомида Қозоғистон ҳукумати раҳбарининг Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев билан учрашиши ва икки томонлама муносабатларга доир масалаларни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Ахметовни Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам қабул қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари Марказий Осиёда сув тақсимоти бўйича муштарак позиция ишлаб чиқиш ниятларини билдирган.

Тошкент ва Остона қўшни Тожикистон ва Қирғизистонда гидроиншоотлар қурилишидан олдин халқаро экспертиза ўтказилишини талаб қилиб келади.

Айни пайтда, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида айрим масалаларда келишмовчиликлар ҳам сақланиб қолмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг ягона энергия тизимидан рухсатсиз электр олгани Қозоғистон расмийларининг норозилигига сабаб бўлган.