Ўзбекистон Қирғизистон билан газ нархи бўйича музокараларни давом эттирмоқда

Ўзбекистон ва Қозоғистон 2013 йилда Қирғизистонга сотиладиган газ нархига оид масалани кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Қирғизгаз” ширкати бош директори Евгений Орленкога таянган ҳолда Tazabek Интернет нашри хабар қилди.

Орленконинг сўзларига кўра, Қирғизистон қўшнилардан газ учун ўзаро манфаатли нарх белгилашни сўраган.

Айтилишича, нархларга оид музокаралар давом этмоқда. “Қирғизгаз” матбуот хизмати 29 декабр куни Ўзбекистон ва Қозоғистон билан 2013 йилда етказиладиган газ ҳажми бўйича келишиб олинганини маълум қилган эди. Бу келишувга кўра, “Ўзтрансгаз” янги йилда Қирғизистонга 100 миллион куб метр миқдорида газ етказиб бериши кўзда тутилган.

Айни пайтда, “КазТрансГаз” ширкатининг Қирғизистонга 300 миллион куб метр газ етказиб бериши кутилмоқда.

Қўшни республикаларнинг Ўзбекистон билан газ нархи устидаги музокаралари шу кунларда долзарб бўлиб турибди. Газ нархи бўйича муроса қилинмагани боис 31 декабр куни Ўзбекистон Тожикистонга газ етказиб беришни тўхтатган эди.

Ўзбекистон йилига 60 миллиард куб метр табиий газ қазиб олади. Шундан 20 миллиард куб метрига яқини ташқарига сотилиши айтилади.