Миржалол Қосимов IFFHS рейтингига кирди

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов.

Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) 2012 йилдаги энг яхши миллий терма жамоа мураббийлари рейтингини эълон қилди.

17 мураббий киритилган мазкур рейтингда Ўзбекистон миллий терма жамоаси мураббийи Миржалол Қосимов 14-ўринни эгаллади.

Миржалол Қосимов ўтган йилда Вадим Абрамов ўрнига Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлигига тайинланган.

Унинг бошчилигида терма жамоа тўрт ўйинда иштирок этиб, икки дуранг ва икки ғалабага эришди.

Ҳозирда Ўзбекистон терма жамоаси 2014 йилги Жаҳон чемпионати сўнгги саралаш босқичининг “А” гуруҳида 8 очко тўплаган ҳолда пешқадамлик қилмоқда.

IFFHS энг яхши мураббийлари рейтингида биринчи ўринни учинчи бор Испания терма жамоаси мураббийи Винсенте дел Боскега берган. Испания жамоаси 62 ёшдаги дел Боске бошчилигида 2012 йилги Европа чемпионатида ғолиб бўлди.

Рейтингда иккинчи ўринни Италия терма жамоаси бош мураббийи Чезаре Пранделли эгаллади. 2012 йилда "Skuadra Adzurra" 55 ёшли Пранделли бошчилигида Европа чемпионати финалигача етиб борди.

Учинчи ўрин эса Мексика олимпия терма жамоаси билан 2012 йилги Лондон Олимпиадаси чемпионига айланган Луис Фернандо Тенага насиб этди.

IFFHS йилнинг энг яхши мураббийлари рейтингини дунёнинг ҳар бир қитъасидан футбол экспертлари қатнашган сўров асосида тузган.