Ўзбекистон бодибилдинг ва фитнесс федерацияси Осиё халқаро федерацияларига қўшилди

Ўзбекистон бодибилдинг ва фитнесс федерацияси Осиё халқаро федерациялари WBPF ва ABBF (World Bodybuilding & Physique Federation, Asian Bodybuilding & physique sports federation) таркибига расман қўшилди.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги матбуот хизмати 10 январ куни тарқатган хабарига кўра, шу ҳақдаги маълумотнома 2012 йил 31 декабр куни олинган.

Мактубда Ўзбекистон томонининг аризаси тасдиқлангани ва WBPF қоидаларига мувофиқ, бу жорий йил ноябрида Болгарияда ўтказиладиган Бешинчи Бутунжаҳон анжуманда тасдиқланиши кераклиги билдирилган.

Ўзбекистоннинг бодибилдинг ва фитнесс федерацияси мактуб олинган кундан бошлаб WBPF уюштирадиган ҳар қандай мусобақада қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

2012 йилнинг 16 декабр куни Тошкентда бодибилдинг бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилди. Мусобақада 50 дан ортиқ спортчи мушакларини намойиш қилди.

Ўзбекистонда Бодибилдинг федерацияси 20 йилдан бери фаолият кўрсатиб келади.

Ўзбекистонлик бодибилдингчилар МДҲ ва дунë мусобақаларида фаол қатнашиб келмоқда.