Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш режалари амалга ошиши мумкин

Пекин ҳукумати Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўлини қуриш режаларини тасдиқлагани айтилмоқда. Бу ҳақда Қирғзистон Бош вазири ўринбосари Тайирбек Сарпашевга таяниб, матбуот воситалари хабар қилмоқда.

5 феврал куни Пекинга сафардан қайтган Сарпашев Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида Хитой расмийлари 2 миллиард АҚШ долларига тенг темир йўл лойиҳасини амалга ошириш режаларида собит эканини маълум қилди.

Унга кўра, лойиҳани амалга ошириш имконлари ўрганилиб, хулосалари шу йилнинг январ оийда берилган. Ҳисобот хитой тилидан рус тилига таржима қилингач, Ўзбекистон ва Қирғзистон ҳукуматларга тақдим қилинади.

Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонгача етадиган темир йўл қуриш ғояси илк бор 1996 йилда илгари сурилган.

Агар лойиҳа амалга ошса, Хитойнинг тижорат марказларидан бири ҳисобланган Қашқардан бошланган темир йўл Қирғизистоннинг жаҳон бозори жйолашган Қораcув тумани орқали Ўзбекистоннинг Андижон шаҳригача кириб бориши назарда тутилган. Темир йўл маршрути бўйича якуний қарор қабул қилинганича йўқ, лекин бунга оид музокаралар давом этаётгани айтилмоқда.