БЕЛАЗ Ўзбекистонга 92 та юк машинаси етказиб берди

Баларуснинг БЕЛАЗ заводи ўтган йил Ўзбекистонга 92 дона оғир юк машинаси етказиб берди.

БЕЛАЗ матбуот хизмати маълумотига кўра, ширкат Навоий тоғ-кон металлургия комбинатига очиқ конда фойдаланиладиган 49 та оғир юк машинаси етказиб берган.

БЕЛАЗ Бош директори Петр Пархомчикнинг Ўзбекистонга сафари чоғида Навоий комбинатига йил охиригача 220 тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган 13 та БЕЛАЗ-75307 машиналари етказиб бериш ҳақида шартнома имзоланган.

Ширкат ҳозиргача Ўзбекистонга бу турдаги машиналарни етказиб бермаган эди.

БЕЛАЗ матбуот хизмати Навоий комбинати билан имзоланган шартнома қийматини ошкор қилмади.

Навоий тоғ-кон металлургия комбинатига асосан олтин қазиб чиқариш билан шуғулланади.

АҚШнинг Геология хизмати ҳисоботига кўра, ўтган йил Ўзбекистонда 90 тонна олтин қазиб чиқарилган. Бу 2011 йилги кўрсаткичга нисбатан бир тоннага кам.