Латвия Ўзбекистонни транзит бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди

Латвия Бош вазири Валдис Домбровскис Ўзбекистоннинг Латвиядаги элчиси Афзал Ортиқов билан 14 феврал куниги учрашувда икки давлатнинг транзит соҳасидаги ҳамкорликни фаол ривожлантиришга чақирди.

Латвиядаги ахборот агентликлари хабарига кўра, Домбровскис Ортиқовни элчилик фаолиятини бошлагани билан табриклаб Ўзбекистон ва Латвия ўртасида амалдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга даъват қилган.

Латвия Бош вазири транспорт ва транзит соҳаларидаги янги ташаббуслар икки давлатнинг иқтисодий интеграциясига ҳисса қўшишини урғулаган.

Валдис Домбровскис Ўзбекистон ва Латвия фармацевтика, озиқ-овқат саноати, ахборот технологиялари, қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, маориф ва туризм соҳаларида самарали ҳамкорлик қилиши мумкинлигини қўшимча қилган.