Сурхондарёда ҳокимият мулозими ўз жонига қасд қилди

2 март куни Сурхондарё вилоят Денов туман ҳокимлиги бош ҳисобчиси Бобохон Хўжақулов хизмат хонасида ўз жонига қасд қилди. Денов туман марказий шифохонасининг реанимация бўлими ходимига кўра, 51 ёшли Хўжақулов кўкрагининг чап қисми, қорин бўшлиғи ҳамда бўйин қисмига ўткир тиғли пичоқ билан бир неча чуқур жароҳат етказган. Оғир аҳволда шифохонага келтирилган ҳисобчининг аҳволи ўнглангани йўқ, у чуқур кома ҳолатида қолмоқда.

Маълум бўлишича, бир неча кун аввал Денов туман ҳокимлиги ҳисоб-китоб бўлимини бошқарган мулозимга нисбатан туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (Растрата ва талон-тарожлик йўли билан ўзгаларнинг мулкини ўзлаштириш) бўйича иш қўзғатилиб, терговолди суриштирувлар олиб борилаётган эди.

Ҳокимликка яқин манбаларга кўра, ҳисобчи миллионлаб сўмлик камомад ва унинг ортидан келадиган муқаррар жавобгарликдан қутулиш мақсадида ўз жонига қасд қилган. Терговолди хулосаларига кўра, ҳисобчи ҳокимлик ва унинг тизимидаги муассасалар ходимлари иш ҳақлари ҳамда бошқа турдаги ижтимоий даромадларни ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўзлаштириб келган.