Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кутилмоқда

Ўзбекистон Гидрометеорология хизматидан олинган маълумотларга кўра, 6-10 март кунлари мамлакатда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши, жойларда вақти-вақти билан қор-ёмғир ёғиши, тоғли ҳудудларда эса сел келиши кутилмоқда.

Гидрометеорология хизматининг ҳудудий бўлинмаларидан олинган маълумотга кўра, 5 март куни оқшом жойлардаги метеостанцияларга тоғли ҳудудларда сел келиши ҳақида шошилинч хабар келиб тушган.

- Бизга бошқармамиздан шошилинч хабар келган. 6 мартдан бошлаб ҳаво кескин совийди. 8 мартдан 9 мартга ўтар кечаси ҳаво ҳарорати -4 -- -5 даражагача совуши кутилаяпти. Тоғли жойларда сел келиши кутиляпти, - деди Сирдарё вилоятидаги метеостанциянинг ўзини таништирмаган ходими.