Футбол: Бугун Ўзбекистон Ливанга қарши ўйнайди

Бугун, 26 март куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш ўйинлари доирасида Тошкентда Ливан терма жамоасини қабул қилади.

Ўйин 2012 йилда ишга тушган, 35 минг томошабинга мўлжалланган “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади.

Саралаш баҳсларининг тўртинчи босиқичи “А” гуруҳида беллашаётган Ўзбекистон терма жамоаси айни дамда беш учрашувдан сўнг 8 очко тўплаган ҳолда гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.

Ливан жамоаси эса тўрт очко билан гуруҳнинг энг қуйи поғонасидан жой олган.

Ўзбекистонлик футбол мухлислари Ўзбекистон-Ливан ўйинига чипталар харид қилиш катта муаммолигини айтишмоқда.

“Бунёдкор” стадионидаги илк расмий учрашув ҳисобланмиш бугунги ўйин Тошкент вақти билан 18:00да бошланади.