Гулнора Каримова президент отаси юрак хуружини бошдан кечирганини инкор қилди

Президент Ислом Каримов 19 март куни Наврўз тантаналарида рақсга тушгани давлат телевиденисида кўрсатилди.

Гулнора Каримова отаси, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов юрак хуружини бошдан кечирганига оид хабарларни инкор қилди.

Президент қизи Twitter саҳифасида “Қайси президент? ПРЕЗИДЕНТИМИЗ Наврўз байрамида 20 дақиқа тўхтамасдан рақсга тушганини кўрганлар бундай хабарни тақатиши учун аҳмоқ бўлиши керак”, деган ёзувни қолдирди.


Ўтган ҳафта мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати президент Ислом Каримов 19 март куни юрак хуружига дуч келганини хабар қилган эди. Мухолифат ҳаракати “Тошкентдаги мухбирига” таяниб, тарақатган хабарни Ўзбекистон президенти маъмурияти инкор қилди.

Шунга қарамай, 25 март куни Ўзбекистон Халқ ҳаракати президент Каримовнинг инфарктни бошдан кечирганига оид хабарни давлат матбуотдаги бошқа манба ҳам тасдиқлаганини хабар қилди. Бу хабарларни бошқа мустақил манбалардан тасдиқлатишнинг иложи бўлгани йўқ.

Ўзбекистонни 23 йилдан бери бошқараётган Ислом Каримов январ ойида 75 ёшни қаршилади. 19 март куни, Наврўз байрами муносабати билан Тошкентда ўтказилган тантанали маросимда президент Каримов қатнашиб, бир неча дақиқа давомида рақсга тушгани давлат телевиденисида кўрсатилди.