Ўзбекистон ташқи қарзи ЯИМнинг 19 фоизига етди

Осиё тараққиёт банки Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 2013 йилда Ялпи ички маҳсулотнинг 19 фоизидан кўпроғига тенг бўлишини маълум қилди.

Регнум агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Осиё тараққиёт банки 2014 йилда ташқи қарз миқдори яна кўпайиши ва Ялпи ички маҳсулотнинг салкам 21 фоизига тенг бўлишини башорат қилмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ҳукумати 2013 йилда Ялпи Ички маҳсулотнинг ўсишини 8 фоиз миқдорида режалаган. Бу ўтган йилгига нисбатан 0,2 фоизга камдир.

Қиёслаш учун айтиб ўтиш лозимки, Қозоғистонда иқтисодий ўсиш 2013 йилда 5 фоиздан сал кўпроқ бўлиши кутилмоқда.