Халқаро қизил хоч Ўзбекистон маҳбуслари ҳолидан хабар олишни тўхтатмоқда

Халқаро Қизил хоч қўмитаси Ўзбекистонда қамоқхоналарни мониторинг қилишни тўхтатмоқда. Халқаро Қизил хоч қўмитаси Бош директори Ив Даккор жума куни ўз Twitter саҳифасида ташкилот Ўзбекистон қамоқхоналарини бориб кўришни тўхтатаётгани ҳақида эълон қилди.

Даккор “қамоқхоналарни бориб кўришимиздан гумманитар натижалар арзирли ва расмийлар билан мулоқотимиз конструктив бўлиши лозим” лекин “Ўзбекистон мисолида бунда бўлмаяпти”, дея ёзди.

Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Женевадаги қароргоҳи матбуот вакили Дэвид Пьернинг Озодликка айтишича, Ўзбекистон расмийлари ташкилотнинг қамоқхоналарга доир дастурини амалга оширишида йиллар давомида турли тўсиқларни яратиб келгани боис маҳбусларнинг қандай шароитда сақланишига объектив баҳо бериш имкони қолмаган.

- Халқаро Қизил хоч қўмитаси жаҳон бўйлаб қамоқхоналарни бориб кўриш дастурларини амалга оширишда муайан халқаро стандартларга амал қилади. Афсуски, Ўзбекистонда қамоқхоналарни бориб кўриш дастурини тўхтатишга мажбурмиз, чунки бу мамлакатда айтилган стандартларга амал қилишнинг имкони қолмади.

Ташкилот раҳбари Ўзбекистонда маҳбусларни бориб кўришни тўхтатиш тўғрисидаги қарор осонликча қабул қилинмаганини қўшимча қилди.

Халқаро қизил хоч қўмитаси Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳбсулар аҳволидан хабар олиш фаолиятини 2001 йилда Тошкентда имзоланган келишувга биноан амалга ошириб келган. Мазкур келишув ташкилот вакилларининг мамлакатдаги ҳар қандай қамоқхонани бориб кўриш ҳуқуқини бериши назарда тутилган. Лекин Ўзбекистон расмийлари ташкилотнинг мониторинг фаолиятига мунтазам равишда тўсиқлар яратиб келган.