Тошкентда судя порахўрликда айбланмоқда

Шу йилнинг 3 апрель куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор тумани суди судяси, 50 яшар Марина Кан Миллий Хавфсизлик Хизматининг Тошкент шаҳар бошқармаси тезкор вакиллари томонидан ҳибсга олинди.

Бош прокуратура тергов бошқармаси томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида судя Кан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми а, б-бандлари билан айбланмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди ходимасига кўра, судя Кан суднинг канцелярия бўлими мудири А. Ахмедовнинг кўрсатмаси асосида ҳибсга олинган. Канцелария бўлими мудири суриштирув даврида судяга 1500 АҚШ доллари миқдорида пора олишда воситачилик қилгани борасида кўрсатма берган.

Маҳаллий адвокатлардан бирининг таъкидича, судя Марина Кан 7 йилдан бери судьялик лавозимида ўтириб, жиноят ишларини бошқа ҳамкасабаларига нисбатан процессуал қонунчиликка яқин кўриб келаётганди. Аммо ҳуқуқ ҳимоячиларининг Альянси судянинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ ҳодиса юзасидан баёнот тарқатиб, уни адолатсизликда айблади.

Судя ва унинг жиноий шериги ҳозирда Тошкентдаги 1-сонли тергов изоляторида сақланмоқда. Айбланувчиларга қўйилган эпизодлар тасдиқланса, улар 7 йилдан 12 йилга қадар муддатларга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.