БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси Ўзбекистон ҳисоботини тинглайди

Женевада БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитаси ишчи гуруҳининг 16-сессияси доирасида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи муҳокама қилинади.

Марказий Осиё янгиликлар хизматининг хабар беришича, 24 апрел куни бошланган мазкур сессия давомида инсон ҳуқуқларига амал қилиши юзасидан Ўзбекистон томонининг ҳисоботи тингланади.

Женевага борган ўзбек делегациясига Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Акмал Саидов етакчилик қилмоқда.

24 апрел куни сессияда Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари масаласи муҳокама қилинди. БМТ радиосининг хабар беришича, экспертлар Туркманистон ҳукуматига ноқонуний ҳибс қилиш, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига босим ўтказиш амалиётидан воз кечишни ҳамда сўз ва фикр эркинлигини таъминловчи ислоҳотлар ўтказишни тавсия қилган.