Ўзбекистон ва Kogas қарийб $ 4 миллиардлик шартнома имзолади

Ўзбекистон ҳукумати Жанубий Кореянинг Kogas ширкати билан Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш бўйича 3,9 миллиард долларлик шартнома имзолади.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, шартномада лойиҳа кредиторлари ва инвесторлари манфаатлари қўшимча ҳимоялангани молия масаласини ҳал қилган.

Йилига 4,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаб истеъмол учун 4 миллиард куб метр газ, 400 минг тонна турли кўринишдаги полиэтилен, 100 минг тонна бензин ишлаб чиқариш қувватга эга бўлган Устюрт газ-кимё мажмуасини қуриш ишлари 2012 йилда бошланган.

UzKorGasChemical қўшма корхонаси Устюрт мажмуасини 2016 йил охирида фойдаланишга топшириши режаланган.

2008 йил февралида Ўзбекнефтегаз миллий холдинг компанияси Жанубий Кореянинг Kogas, Honam Petrochemical, LG International Corp., SK Gas ва STX Energy каби ширкатларидан иборат консорциум билан Устюртдаги Сургил кони негизида газ-кимё мажмуаси қуриш учун UzKorGasChemical қўшма корхонасига асос солган эди.