Рефери Равшан Эрматов Бразилияга чақирилди

ФИФАнинг Ўзбекистондан бўлган рефериси Равшан Эрматов шу йилнинг 16-30 июн кунлари бўлиб ўтадиган Конфедерациялар кубоги ўйинларини бошқариш учун Бразилияга чақирилди.

Бразилия майдонларида Равшан Эрматовга ўзбекистонлик қанот ҳаками Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик қанот ҳаками Баҳодир Қўчқоровлар ёрдам беришади.

Конфедерация кубогида қитъалар чемпионлари иштирок этади. Бу йилги кубокда Бразилия, Япония, Мексика, Италия, Испания, Уругвай, Таити ҳамда Нигерия терма жамоалари беллашади.

Кузатувчилар ушбу турнир Равшан Эрматов учун 2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати олдидан катта синов эканини айтишмоқда.

Эслатамиз, ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов қатор йирик футбол турнирлари, жумладан, 2010 йилда Жанубий Африкада ўтган Жаҳон чемпионати ўйинларини бошқарган.