Бугун Ҳиндистон вице-президенти Ўзбекистонга келади

Бугун Ҳиндистон вице-президенти Муҳаммад Ҳамид Ансорий тўрт кунлик расмий ташриф билан Тошкентга келади.

Сафар чоғида Ансорий Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳамда Олий Мажлис Сенати раиси ва Қонунчилик палатаси спикери билан учрашувлар ўтказади.

Музокараларда томонлар Афғонистондаги вазият, террорчиликка қарши кураш, иқтисодий ҳамкорлик ва бошқа масалаларни муҳокама қиладилар.

Сафар чоғида Ҳиндистон вице-президенти Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ҳам бориши кутилмоқда.

Ансорий Ҳиндистоннинг Ўзбекистонга келаётган илк вице-президентидир.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон билан Ҳиндистон ўртасидаги мол айланмаси тақрибан 200 миллион долларни ташкил этади. Ҳиндистон Ўзбекистонга асосан дори-дармон экспорт қилади.