Россияда уч ўзбекистонлик узоқ муддатларга қамалди

Вологодск вилоятида суд уч нафар Ўзбекистон фуқаросини такси ҳайдовчисини зўрлаганлик ва ўлдирганликда айбдор деб топиб уларни 8 йилдан 22 йил 2 ойгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилди.

Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Вологодск вилояти бошқармасига таяниб РИА Новости ахборот агентлигининг хабар қилишича, ўтган йил 26 март куни ўзбекистонлик уч нафар меҳнат мухожири такси тўхтатиб Вологда шаҳри ташқарисидаги қишлоққа олиб боришни сўраган.

Манзилга етиб боргач уч эркак аёл ҳайдовчига пичоқ билан таҳдид қилиб 40 минг рубл пулини олиб қўйишган.

Кейин улардан бири пичоқ билан таҳдид қилиб аёлни зўрлаганидан сўнг уни бўғиб ўлдириб жиноятни яшириш учун жасад чуқурга ташлаб кетган.

Ўзбекистонлик уч фуқаро РФ Жиночт кодексининг бир неча моддаси, жумладан, умрбод қамоқ жазоси назарда тутилган “қотиллик” моддаси бўйича ҳам судланган.