ИТБ Ўзбекистонга $ 270 миллион доллар ажратмоқчи

Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва Ўзбекистон ҳукумати 270 миллион долларлик шартнома имзолади.

Бу маблағнинг 170 миллион доллари Ўзбекистон Ҳаво йўллари авиаширкатига иккита Boeing 767-300ER самолёти сотиб олишга, 100 миллион доллари эса Тошкент вилоятидаги учта гидроэлектростанцияни модернизация қилиш лойиҳасига сарфланиши режаланган.

Келишув Ўзбекистон Бош вазири биринчи ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги делегациянинг Ислом тараққиёт банки қароргоҳи жойлашган Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрига ташрифи чоғида имзоланган.

Ўзбекистон 56 давлат аъзо бўлган Ислом тараққиёт банкига 2003 йилда аъзо бўлган.

Ўтган давр мобайнида мазкур банк турли соҳалар бўйича ўнлаб лойиҳани амалга ошириш учун Ўзбекистонга 730 миллион доллардан кўпроқ сармоя ажратган.