ОТБ Ўзбекистонга яна 90 млн доллар қарз беради

Осиё тараққиёт банки Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватга эга бўлган қуёш электр станцияси қурилиши учун шу йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон ҳукуматига 90 миллион доллар миқдорида кредит беради.

Бу ҳақда РИА Новости агентлиги “Ўзбекэнерго” давлат-акциядорлик компанияси вакили сўзларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Умумий қиймати 240 миллион доллар бўлган лойиҳанинг қолган қисми Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилиши айтилмоқда.

Ўтган йили “Ўзбекэнерго” Тошкент вилоятида ҳам 50 МВт қувватга эга бўлган қуёш электр станциясини лойиҳалаштиришга киришган.

Қиймати 250 миллион долларни ташкил қиладиган бу лойиҳа учун ҳам Осиё тараққиёт банки 90 миллион доллар қарз берадиган, лойиҳанинг қолган қисми Ўзбекистон маблағи ҳисобидан амалга ошириладиган бўлган.