Футбол: Ўзбекистон терма жамоаси Хитойга йўл олди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун, 4 июн куни Хитой терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш учун Пекинга учиб кетади.

6 июн куни Хитойнинг Хаххот шаҳрида ўтадиган ўртоқлик учрашуви Миржалол Қосимов шогирдлари учун Жанубий Корея термасига қарши ўйин олдидан яхши синов бўлиши кутилмоқда.

Эслатамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 11 июн куни ЖЧ-2014 саралаш ўйинлари доирасида сафарда Жанубий Корея терма жамаосига қарши майдонга тушади.

Ўзбекистонлик футболчилар мазкур ўйинда иштирок этиш учун 8 июн куни Хитойдан Жанубий Корея пойтахти Сеулга йўл олади.

Айни дамда саралаш баҳслари финал босқичининг “А” гуруҳида беллашаётган Ўзбекистон терма жамоаси 6 ўйинда 11 очко тўплаган ҳолда гуруҳда пешқадамлик қилмоқда.