ЖЧ-2014 сари йўл: Бугун Ўзбекистон Қатарни қабул қилади

Бугун, 18 июн куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги Жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари доирасида Тошкентда Қатар терма жамоасига мезбонлик қилади.

Учрашув пойтахтдаги "Бунёдкор" стадионида маҳаллий вақт билан соат 17:00да бошланади.

Унда Ўзбекистон терма жамоаси оқ либосда, Қатар терма жамоаси эса тўқ қизил рангли формада ҳаракат қилади.

Тошкентга 22 нафар футболчи билан келган Қатар терма жамоасининг асосий таркибида қатор йўқотишлар борлиги айтилмоқда.

18 июн куни Ўзбекистон беллашаётган "А" гуруҳида иккинчи жуфтлик учрашуви ҳам бўлиб ўтади. Унда Жанубий Корея терма жамоаси Сеулда Эрон терма жамоасига мезбонлик қилади.

Агар Ўзбекистон Қатарни мағлуб этса ва Жанубий Корея ўз уйида ғалаба қозонса, Ўзбекистон терма жамоаси келаси йили Бразилияда ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.