Ўзбекистон чегарадаги воқеага изоҳ берди

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси Қирғизистон билан чегарада рўй берган воқеа хусусида изоҳ берди.

Пайшанбага ўтар кечаси рўй берган ҳодисада Ўзбекистон чегарачиси 37 ёшли қирғизистонликни отиб ўлдирган эди.

Ўзбекистон чегара хизмати 21 июн куни эълон қилган баёнотга кўра, 19 июн куни тунда Қирғизистон тарафидан учта автомашина Фарғона вилоятининг Гулпиён аҳоли пунктидаги "Охунхўжа" қабристони ёнида давлат чегарасини бузиб, Ўзбекистон ҳудудига кирган.

Ўзбек чегарачиларининг огоҳлантириб, ҳавога ўқ узганига эътибор бермаган чегара бузувчиларнинг машиналари ўққа тутилган, дейилади яна расмий хабарномада. Автомобилларнинг биттаси тўхтаган, иккитаси Қирғизистон ҳудудига қайтиб кетгани айтилмоқда.

Ўзбекистон Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитаси маълумотига кўра, шундан сўнг Қирғизистон томонидан келган 30га яқин киши ўзбек чегарачиларини тошбўрон қила бошлаган. Натижада бир чегарачи оғир жароҳатлар олган.

Қирғизистонликлар яраланган ўзбек чегарачисини Қирғизистон ҳудудига олиб кетмоқчи бўлгани, бироқ ёрдамга келган Ўзбекистон ҳарбийлари бунга йўл қўймаган, дейилади яна баёнотда.

Автомобилни ташлаб Қирғизистон ҳудудига қочиб кетган қонунбузар олган жароҳатларидан ҳалок бўлган.

Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасининг билдиришича, қонунбузарлар автомобилларда Ўзбекистон ҳудудига контрабанда молларини олиб кирмоқчи бўлган.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида бу каби кўнгилсиз ҳодисалар тез-тез содир бўлади.