ЖЧ-U20: Ўзбекистон - Хорватия 1:1

Кеча, 26 июн куни футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркияда Хорватия ёшларига қарши майдонга тушди.

20 ёшгача бўлганлар (U20) ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг “F” гуруҳи беллашувлари доирасида ўтган учрашувда 1:1 ҳисобидаги дуранг натижаси қайд этилди.

Ўйиндаги ҳисоб биринчи бўлимнинг 24-дақиқасида ўзбекистонлик ёш футболчи Сардор Раҳмонов тарафидан очилди.

Хорватиялик ёшлар иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. 65-дақиқада урилган голга Марко Ливая муаллифлик қилди.

Аввалроқ эса Ўзбекистон жамоаси Янги Зенландия жамоасини йирик 3:0 ҳисобида мағлуб этган эди.

Икки учрашувдан сўнг Аҳмаджон Мусаев шогирдлари 4 очко тўплаган ҳолда гуруҳда пешқадамликни сақлаб қолди.

Иккинчи поғонадаги Хорватия жамоаси ҳам тўрт очкога эга, бироқ голлар нисбати бўйича Ўзбекистон жамоасидан ортда қолмоқда.

Ўзбекистон гуруҳдаги сўнгги учрашувини 29 июн куни ўтказади. Унда ёшлар ҳозирча уч очкога эга уругвайлик тенгқурлари билан беллашади.