АҚШ сенаторлари президент Каримовда журналист ва ҳуқуқ фаолларини озод қилишга чақирди

АҚШнинг 12 сенатори Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга мактуб йўллаб, касбий фаолиятлари туфайли ўзбек қамоқларида қолаётган икки журналист ва бир ҳуқуқ фаолини “дарҳол ва ҳеч бир шартсиз” озод қилишга чақирди.

Каримовга йўлланган хатда АҚШ конгресси вакиллари журналистлар Солижон Абдураҳмонов ва Дилмурод Сайидов ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Турғуновнинг озод қилиниши икки томонлама муносабатлар учун ижобий таъсир қилиши айтилади.

12 сенатор имзоси билан юборилган мактубда БМТ қошидаги Асоссиз ҳибсга олиш масалалари бўйича ишчи гуруҳи виждон тутқунлари, деб тан олган маҳбусларнинг соғлиғига оид маълумотни тақдим қилиш ҳам сўралган.

Чоршанба куни Чегара билмас мухбирлар ташкилоти ҳам журналист Солижон Абдураҳмоновнинг ҳаёти “катта таҳлика” остида қолаётганини айтиб, уни озод қилишга чақирди. Матбуот эркинилигини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган ташкилот Ўзбекистонда ўз касбий фаолятлари туфайли қамоққа ташланган яна 9 журналистни озод этишга ҳам чақирди.