Ўзбекистон ва Хитой 100 миллион долларлик келишувларни имзолади

Ўзбекистон ва Хитой “Жиззах махсус индустриал зонаси” лойиҳасига доир умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларидан ортиқ келишувларни имзолади.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, 3 июл куни Тошкентда бу мавзуга бағишланган форумда 21 та келшув имзоланган.

Жиззах махсус индустриал зонасига доир қўшма лойиҳалар энергетика, электрон ускуналар, телекоммуникация, текстил, машинасозлик ва фармацевтика каби соҳаларни қамраб олиши айтилмоқда.

Жиззах махсус индустриал зонасини ташкил қилиш тўғрисида жорий йил март ойида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг фармони эълон қилинган эди. Фармонга кўра, Сирдарёда ҳам филиалга эга бўладиган махсус ҳудуднинг амал қилиш муддати 30 йил қилиб белгиланган.

Ўзбекистонда 2008 йилда Навоий вилоятида ҳам махсус индустриал зонаси ташкил қилина бошлаган.

Аммо бир йил ўтмасдан Навоийга ишлашга келган чет эллик ишчиларнинг ҳужжатлари билан боғлиқ муаммолар юзага келди.

Навоий индустриал зонаси ташкил қилинаётганда ишлаб чиқарилиши иддао қилинган халқ истеъмоли товарлари Ўзбекистон бозорида пайдо бўлганича йўқ.