Футбол: Ўзбекистон-Туркия ўртоқлик учрашуви бекор қилинди

Туркия футбол федерацияси расмий веб-сайти орқали 14 август куни Ўзбекистон ва Туркия миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйини бекор қилинганини маълум қилди.

Федерацияга кўра, ўртоқлик ўйинининг бекор қилинишига Ўзбекистонда ҳукмрон бўлган ҳаддан ташқари иссиқ об-ҳаво сабаб бўлган.

"Туркия терма жамоаси Ўзбекистон билан 14 август куни бўладиган ўйинни бекор қилди. Ўйин куни Тошкентда ҳаво ҳарорати юқорилиги ва Ўзбекистон футбол федерацияси керакли шароитларни яратиб беролмаслигини билдиргани учун ўйин бекор қилинди", дея ёзилади Туркия футбол федерацияси сайтида.

Туркия терма жамоаси 14 август куни Гана терма жамоаси билан Истанбулда ўртоқлик ўйинини ўтказадиган бўлди.

Ўзбекистон футбол федерацияси ҳозирча бу борада расмий маълумот бергани йўқ.