МТС Ўзбекистон мулки давлат тасарруфига ўтказилгани айтилмоқда

Россиядаги МТС ширкатининг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси “Ўздунробита” мол-мулки давлат тасарруфига ўтказилди. Бу ҳақда 15 август куни Uzmetronom нашри хабар берди.

Аввалроқ Озодлик радиоси “Ўздунробита” мулки кредиторларга бўлиб берилиши ҳақида хабар қилган эди. Бундай қарор Ўзбекистон расмийлари томонидан шўъба корхонаси мулкини ким ошди савдосида сотиш ҳаракати самара бермаганидан сўнг қабул қилинган эди.

Россиянинг МТС ширкати ўзбек расмийларининг бундай қароридан норозилик билдирган ва Ўзбекистондаги ўз мулки учун курашни давом эттирмоқда.

МТС қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Жаҳон банки қошидаги молиявий келишмовчиликларни мувофиқлаштириш халқаро марказига шикоят аризаси киритган. Марказ 2012 йилнинг 15 ноябрида мазкур аризани қайддан ўтказиб, қабул қилиб олган.