Ўзбекистон 1 миллион тонна пахта толаси тайёрламоқчи

Ўзбекистон пахта тайёрлашда мажбурий меҳнатдан фойдаланиши сабабли жаҳоннинг ширкатлари ўзбек пахтасига бойкот эълон қилган.

Ўзбекистон 2013 йилда 1 миллион тонна пахта толасини ишлаб чиқармоқчи. Бу ҳақда “Ўзпахтасаноат” уюшмасига таяниб, РИА Нововсти агентлиги хабар қилмоқда.

Давлатга қарашли ширкат вакили сўзларига кўра, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов имзолаган қарорда 2013 йил учун пахта тайёрлаш режаси тасдиқланган.

Қарорга кўра, жорий йилда Ўзбекистонда 3,35 миллион тонна пахта хом ашёси тайёрланиши режаланган.

Ўзбекистон ўтган йили ҳам 1 миллион тоннадан ошиқ пахта толасини ишлаб чиқарган.

Ўзбекистон пахта тайёрлашда болалар ва катталар мажбурий меҳнатидан фойдаланиши сабабли жаҳоннинг етакчи чакана савдо ширкатлари ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилган. Шунга қарамай, ўтган йили Ўзбекистон 670 минг тонна пахта толасини экспорт қилиш бўйича шартномалар имзолади.

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, жорий йилда ҳам пахта терим мавсумига аҳолини жалб қилиш бўйича тайёргарлик ишлари кетмоқда.

Баъзи хабарларга кўра, Тошкентдаги тиббиёт муассасалари ходимлари бу йилги пахта мавсумида иштирок қилишга тайёргарлик кўриш ҳақида огоҳлантирилган. Бундан ташқари ҳар бир тиббиёт ходимидан “ихтиёрий” тарзда пахта йиғим-терим мавсумини ташкил қилиш жамғармасига 100 минг сўмдан бадал тўлаш сўралмоқда.