Тошкентдан Иркутскка учган самолёт Новосибирскда қўнишга мажбур бўлди

24 август куни “Якутия” авиаширкатининг Тошкент-Иркутск йўналиши бўйлаб учган Boeing-738 самолёти носозлик туфайли маҳаллий вақт билан соат 23:11 да Новосибирскнинг “Толмачево” аэропортига қўндирилди.

Бу ҳақда Ғарбий Сибир транспорт прокуратураси матбуот хизмати хабар тарқатди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон пойтахтидан Иркутскка йўналган Boeing-738 бортида 55 нафар йўловчи ва кема экипажининг 6 нафар аъзоси бўлган. Фавқулодда қўниш натижасида самолёт бортидаги одамларнинг ҳеч қайсиси жабрланмади, самолётнинг ўзига ҳам шикаст етмагани айтилмоқда.

Мазкур ҳодиса айни пайтда Новосибирск транспорт прокуратураси томонидан текширилмоқда.