Хитой Ўзбекистонга бериладиган қарз миқдорини камайтирмайди

Тошкентдаги Хитой элчиси Чжан Сяо матбуот анжуманида ўз мамлакати Ўзбекистонга киритиладиган инвестициялар ва кредитлар миқдорини озайтириши тўғрисидаги хабарларни инкор қилди.

Бундан аввалроқ бир қатор интернет нашрлар Хитой молия вазирлигига таянган ҳолда Ўзбекистонга қарз бериш кескин озайтирилиши тўғрисида хабар берган эди.

Хитой элчисининг айтишича, бу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва Хитой томони Ўзбекистонга киритиладиган сармоялар миқдорини ва қарз беришни кўпайтириш режасига эга.

Хитой элчиси сўнгги 20 йил давомида икки давлат ўртасидаги товар айрбошлаш миқдори 50 марта кўпайганини таъкидлади.

Маълумотда айтилишича, 2013 йилнинг 7 ойи мобайнида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айрбошлаш 2012 йилга нисбатан 60 фоизга кўпайган ва 2 миллиард 540 миллион долларга етган.