Ҳиндистонда ўзбекистонлик уч аёл одам савдосида айбланмоқда

Ҳиндистонда ўзбекистонлик уч аёл одам савдосида айбланиб, ҳибсга олингани хабар қилинмоқда. The New Indian Express газетасининг хабар қилишича, ўзбекистонликлар “Ахлоқсиз одам савдоси”да айбланиб, қўлга олинган саккиз киши орасида бўлган.

Улар Ҳиндистоннинг Гургаон шаҳрида полиция манбадан олинган маълумот асосида ўтказган рейд натижасида қўлга олинган.

Хабарда айтилишича, ўзбекистонлик аёллар ёнида паспортлари, Ҳиндистонда бўлиш учун визалари ва бошқа ҳужжатлари бўлмаган. Шу сабабдан уларга нисбатан миграция қонунларини бузганлик айби ҳам қўйилмоқда.

Қўлга олинганларнинг барчаси душанба куни судга олиб келинган ва уларни ҳибсга олиш бўйича қарор чиқарилган.

Ўзбекистонлик аёллар Жанубий Осиё мамлакатларида одам савдоси ва фоҳишалик айби билан тез-тез қўлга олинади. Кейинги бир неча йил мобайнида Ҳиндистон, Таиланд, БАА, Малайзия ва Туркия давлатлари полиция идоралари ўзбекистонлик фоҳишалар билан боғлиқ юзлаб ҳолатлар борасида тафтиш ўтказишган.