Freedom House: Ўзбекистон Интернетни систематик тарзда бўғиб келмоқда

Freedom House – Озодлик уйи ташкилоти ўтган бир йил давомида жаҳон бўйлаб Интернет эркинлиги сусайган, деган хулосани эълон қилди.

Ҳисоботда Ўзбекистон яна Интернетнинг ашаддий душманлари қаторида тилга олинган.

Фуқаровий эркинликлар масаласи билан шуғулланадиган халқаро ташкилот пайшанба куни эълон қилган ҳисоботга кўра, Интернет фойдаланувчилари ортидан кенг қамровли кузатув ўрнатилгани, жаҳон тармоғини цензура қилишга қаратилган янги қонунлар қабул қилинган ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг таъқибга учраб, ҳибсга олингани бундай хулосага асос бўлган.

Интернетни систематик тарзда бўғиб келадиган давлатлар орасида Ўзбекистон, Беларус ва Покистон алоҳида қайд этилган.

Шунга қарамасдан, маркази АҚШда жойлашган Freedom House ташкилотининг маълум қилишича, Интернет фаоллари жамоатчиликни турли таҳдидлардан огоҳ қилишда самаралироқ ҳаракат қилмоқда.

Ҳисобот 60 мамлакатда 2012 йил май ойидан 2013 йил апрелига қадар давр мобайнидаги ҳодисаларни қамраб олган.

Унда Эрон, Хитой, Куба каби мамлакатлар ҳам Интернетни бўғувчилар қаторига киритилган.

Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон ва Россия каби давлатлар Интернет нисбатан эркинроқ бўлган мамлакат, деб топилган.

Ҳукуматлар, дейилади ҳисоботда, Интернетга тўсиқ қўйиш, маълумотларни филтрлаш, ҳукумат танқидчиларига нисбатан киберҳужумлар уюштириш, кузатув ўрнатиш, жисмоний босим ўтказиш ва ҳатто қотиллик каби воситаларни қўлламоқда.