Тошкентдан кўринган учар объект Россиянинг баллистик ракетаси бўлган

РС-12М “Тополь” континентлараро баллистик ракетаси.

Кеча кечқурун Тошкент осмонида номаълум учар объект кўринди. Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишларича, Ўзбекистон пойтахтининг турли минтақалари узра кўринган нарса Россия томонидан учирилган РС-12М “Тополь” русумидаги континентлараро баллистик ракета бўлган.

Газета.уз нашрига кўра, 10 октябр куни Тошкент вақти билан 18.45лар атрофида Тошкентнинг баъзи туманларида нурга ўхшаш номаълум объект кўринган. Ундан кейин тутун пайдо бўлиб, нур йўқолган.

Маълум бўлишича, ракета Россиянинг Астрахан вилоятида жойлашган Капустин Яр полигонидан Тошкент вақти билан 18.39 учирилган.

Россия Мудофаа вазирлигига кўра, ракета янги ҳарбий ускунани синаш доирасида учирилиб, Қозоғистоннинг Сари-Шаған полигонидаги шартли нишонни урган. Россия Қарағанда ва Жамбул вилоятларида жойлашган полигонни ижарага олади.