Самарадаги автоҳалокатда 10 ўзбекистонлик нобуд бўлди

Россиянинг Самара вилояти Большечерниговск туманидаги "Самара-Уральск" автотрассасида Тойота русумидаги кичик автобус қарши йўлга чиқиб кетиб, рўпарадан келаётган Мерседес юк машинаси билан тўқнашиб ёниб кетгани оқибатида 13 одам нобуд бўлди.

Россиядаги ахборот агентликлари автоҳалокатда қурбон бўлганларнинг аксари ўзбекистонликлар, икки нафари тожикистонлик ва бир нафари озарбайжонлик экани ҳақида хабар қилди.

Фалокат натижасида 12 киши воқеа жойида ва яна бир киши касалхонада жон таслим қилган.

Аварияда оғир жароҳат олган уч кишига касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Россия Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, микроавтобус ғилдираги ёрилиб кетгани автоҳалокатга сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.

Воқеа юзасидан текширув давом этмоқда.