Владивосток туғруқхонасидан ҳайдалган ўзбекистонлик аёл Россиядан бадарға қилинмоқда

Владивостокда туғаётган пайтда касалхонага киритилмаган ўзбекистонлик аёл Россияда ноқонуний яшаб келгани боис мамлакатдан чиқариб юборилмоқда. Бу ҳақда Приморье ўлкаси бўйича Федерал миграция хизмати хабар қилди.

6 ноябрга ўтар кечаси тўлғоқ ҳолатида Владивостокдаги 1-туғруқхонага Тез ëрдам билан олиб келинган ўзбекистонлик аëлни туғруқхона врач ва акушерлари қабул қилишдан бош тортди.

Тиббиëт ходимларининг бундай совуққонлиги ҳуқуқ-тартибот идораларининг текширувига ҳам сабаб бўлди. Шундан кейин полиция аралашуви билан аёл туғруқхона ходимлари тарафидан қабул қилиниб, кўзи ёриди.

Федерал миграция хизматининг маълум қилишича, пайшанба куни Ўзбекистон фуқароси 1-туғруқхонадан қочиб кетган. Миграция хизмати ходимлари уни топиб, 2011 йилда Россияга кириб келгани, лекин 90 кунлик муддат тугагач, мамлакатдан чиқиб кетмагани ва бу билан қонунни бузганини аниқлаган.

Жамоатчилик диққатини ўзига тортганига қарамасадан, Россия расмийлари бу аёлни мамлакатдан депортация қилишга қарор қилди.