Миссионерликда айбланган уч америкалик Ўзбекистондан бадарға қилинди

Ўзбек суди Фарғона шаҳар Ички ишлар бошқармаси томонидан тайёрланган материаллар асосида АҚШнинг уч фуқароси - Тэйлор Деррика Антони, Жеймс Мартин ва Ҳелмут Клейтонни Ўзбекистондан чиқариб юбориш ҳақида қарор чиқарди.

12uz.com сайтининг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаси сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, Қирғизистондан келган АҚШ фуқаролари Баптистлар жамоаси вакили сифатида миссионерликка оид маълумотлар акс этган DVD-дисклар тарқатиш орқали бевосита ўз динларини тарғиб қилиш билан шуғулланганлар.

“Гарчи уларнинг сафардан мақсади одатдаги саёҳат деб кўрсатилган бўлса-да, улар диний мазмундаги материалларни тарқатишни ўзларининг асосий вазифаси, деб билганлар. Қўлга олинганлар ёнидан 96 дона DVD-диск чиққан, кейинчалик меҳмонхонада яна 219 дона диск мусодара этилган. Уларнинг сўзларига кўра, мамлакатимиз аҳолиси ўртасида тарқатиш учун ўзлари билан диний маълумот ва фильмлар ёзилган 450 дона диск олиб кирганлар. Бу дискларнинг ҳаммаси ўзбек ва тожик тилларида бўлган, яъни ҳамюртларимиз орасидаги ҳадаф гуруҳига мўлжалланган. Кейинчалик миссионерлар Тошкент-Ереван йўналиши бўйлаб Арманистонга учиб кетишни мўлжаллаганлар, сўнгра эса Грузия, Эрон ва Туркияга бормоқчи бўлганлар”, - дея қайд этади сайт манбаси.