"Ўзбектелеком" стационар телефон хизматига уланиш тўловини вақтинча бекор қилади

"Ўзбектелеком" хиссадорлик ширкати мижозлар сонини ошириш мақсадида жисмоний шахслар учун стационар телефон хизматига уланиш тўловини 31 декабргача бекор қилади.

Ширкат веб-сайтида маълум қилинишича, 21 ноябрь куни бошланадиган акция давомида аҳоли учун асосий телефон аппарати ёки бошқа сўнгги қурилмани телефонлаштирилмаган хонада (битта фойдаланувчига оператор томонидан битта рақам ажратилганда) телефон тармоғига улаш учун рўйхатга олиш бепул бўлади.

Эслатамиз, айни дамда "Ўзбектелеком"нинг жисмоний шахслар учун стационар алоқа хизматига уланиш тўлови қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаган ҳолда 20 минг 700 сўмни ташкил этади.

Мазкур акция давомида "Ўзбектелеком" хиссадорлик жамиятининг бошқа хизматларига бўлган тўловлар ўз кучида қолади.

Кузатувчилар Ўзбекистонда мобил алоқа хизматининг ривожланиши билан стационар телефон алоқасига бўлган эҳтиёж пасаяётганини айтиб келишади.