Бухоролик ҳуқуқ фаоли Бобомурод Раззоқов колонияга этап қилинди

Бухоролик ҳуқуқ ҳимоячиси Бобомурод Раззоқов.

2013 йилнинг 23 ноябрь куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Бухоро вилоят бўлими раиси, 60 ёшли Бобомурод Раззоқов Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/3-сонли муассасага этап қилинди. Бу ҳақда “Озодлик”ка ҳуқуқ фаолининг жамоатчилик асосидаги ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

А. Ташановнинг айтишича, сўнгги 1,5 ой давомида Тошкентдаги тергов изоляторида номаълум сабабларга кўра ушлаб турилган ҳуқуқ ҳимоячисининг соғлиғи қониқарли, аммо унинг узоқ муддат изоляторда ушлаб турилгани қонунга зид ҳолатдир.

Бухоро милицияси буюртмаси асосида фуқаро Гулшан Каримова аризаси билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси) бўйича айбланган ҳуқуқ ҳимоячиси шу йилнинг 24 сентябрида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди ҳукми билан 4 йилга озодликдан маҳрум қилинганди.

“Эзгулик” жамиятининг шу муносабат билан 24 ноябрь куни тарқатилган баёнотида Бобомурод Раззоқов устидан ўтган маҳкама жараёнлари ҳуқуқ ҳимоячисини қоралов позициясида туриб олиб борилгани, суд мажлисларида ёлланма жабрланувчи ва гувоҳлар иштирок этгани, суд ишнинг моҳияти ва мотивларига эътибор қаратмагани эътироф этилади. Жамият “суд мажлислари Бухоро милицияси манфаатларини қонунлаштирган”, деб иддао қилади.

Шу йилнинг 10 июнида Бухоро вилоят ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган Бобомурод Раззоқов ҳуқуқ ҳимоячилари, халқаро ташкилотлар, хусусан, Ҳюман Райтс Уотч каби инсон ҳуқуқлари ташкилоти талабларига қарамай, озодликка чиқарилмаган.