Урганчлик “Туркистон исломий ҳаракати”га аъзоликда айбланиб қамалди

Хоразм вилоят жиноий ишлар суди урганчлик Бобожон Муротовни Ўзбекистонда таъқиқланган “Туркистон исломий ҳаракати” ташкилотига аъзоликда ва Ўзбекистонда ҳукуматни ағдаришга чақирганликда айбдор деб топди.

Бу ҳақда вилоят судидаги ўз манбасига асосланиб хабар берган 12uz.com нашри 30 ёшли Муротовнинг неча йилга қамалгани ҳақида маълумот бермади.

Хабарда айтилишича, Бобожон Муротов 2010 йилларда Россияда муҳожирликда юрган вақтда интернет орқали “Туркистон исломий ҳаракати” даъаватларига қизиқиб қолади ва ҳаракатга аъзо бўлиш мақсадида кейинчалик Покистонга хижрат қилади.

У ўзининг Россиядаги ҳамкасблари ва Ўзбекистондаги яқинларини “Туркистон исломий ҳаракати”га аъзо бўлишга ҳамда Ўзбекистонда ҳукуматни куч билан ағдаришга чақирганликда айбланган.

Муротов 2013 йили ҳужжатларини янгилаш учун Россиядан Ўзбекистонга келганда ҳибсга олингани айтилмоқда.