Тожикистон ўзбек матбуоти иддаоларини рад этди

Тожикистон Мудоваа вазирли матбуот котиби Фаридун Маҳмадалиев.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги тожик вертолётлари Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтгани тўғрисидаги хабарларга раддия берди.

“Тожикистон Мудофаа вазирлиги ўзбек томонининг Ўзбекистон ҳаво чегараси бузилгани тўғрисидаги баёнотини қатъиян рад этади”, дейилади вазирлик тарқатган баёнотда.

Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Фаридун Маҳмадалиевнинг айтишича, 27 ноябрь куни тожик ҳарбий вертолётлари умуман парвоз қилган эмас.

28 ноябрга ўтар кечаси Ўзбекистондаги айрим интернет нашрлар ҳуқуқ-тартибот тузилмаларидаги исми айтилмаган манбага таянган ҳолда 27 ноябрь куни тожик ҳарбий вертолётлари Ўзбекистон чегарасини Жиззах вилоятидаги Қизилмозор қишлоғидан бузиб ўтиб, мамлакат ҳудудида бир соат давомида парвоз қилганини ёзган эди.