Тожикистон Ўзбекистондан газ берилишини илтимос қилмоқда

"Тожиктрансгаз” Тошкентга 2014 йил учун газ шартномасини тузиш таклифи билан расмий мактуб жўнатди. Тожикистон расмийларига кўра, бу борада Тошкент ҳукуматидан ижобий жавоб олинишига умид бор.

“Агар Тошкентдан ижобий жавоб олсак, дарҳол газ етказиб бериш бўйича шартномани имзолаш юзасидан музокараларни бошлаймиз”, деб билдирган Avesta агентлигига “Тожиктрансгаз” раҳбари Сайдахмат Шарофуддинов.

Ўзбекистон 2012 йилнинг декабрида Тожикистонга газ берилишини тўхтатиб қўйган эди. Бунинг ортидан Тожикистондаги саноат корхоналари катта зиён кўрган. Айни пайтда Тожикистон ишлаб чиқариш корхоналаринингг 60 фоизи кўмирдан фойдаланишга ўтган.