Ислом Каримов Қозоғистон президентини табриклади

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қозоғистонлик ҳамкасби Нурсултон Назарбоевни 16 декабрь куни нишонланадиган Қозоғистон миллий байрами – Мустақиллик куни муносабати билан табриклади.

Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизматига асосланиб 12news.uz нашри хабар берди.

Айни дамда Ўзбекистон Сенати шу кунларда “Қозоғистон билан стратегик ҳамкорлик шартномасини ратификация қилиш” қонун лойиҳасини кўриб чиқиши кутилмоқда.

Мазкур шартнома Қозоғистон президентининг 14 июнь куни Тошкентга қилган расмий сафари доирасида имзоланган эди.

Шартномада Марказий Осиёдаги сув заҳираларидан адолатли фойдаланиш ва қўшни давлатларда гидроиншоотлар барпо этиш масаласида Ўзбекистон ва Қозоғистон бир позицияга эга экани алоҳида қайд этилган.

Марказий Осиëдаги энг йирик давлатлар бўлмиш Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар алмашинуви икки миллиард АҚШ долларига яқин экани айтилади.