Ўзбекистон Пентагон "хавфли" билган мамлакатлар рўйхатидан олинди

АҚШ Мудофаа вазирлиги Ўзбекистонни “хавфли мамлакатлар” рўйхатидан олиб ташлади. Пентагон ўтган ҳафта охирида эълон қилган пресс-релизда айтилишича, америкалик ҳарбийлар учун “бевосита хавф мавжуд” бўлган мамлакатлар қаторидан Ўзбекистон билан биргаликда Тожикистон ва Қирғизистон ҳам олиб ташланган.

АҚШ фуқаролари хизмат ўташ пайтида қўшимча ҳақ тўланадиган “хавфли мамлакатлар” рўйхатида фақатгина Ироқ, Афғонистон, Ливан, Иордания, Покистон, Сурия, Яман ва Миср қолдирилган. Шу пайтгача бу рўйхатда 30га яқин мамлакат бўлган.

“Хавфли мамлакатлар”да хизмат қилувчи ҳарбийлар ойига 225 АҚШ доллари миқдорида қўшимча ҳақ олади. Рўйхатдан 20дан ортиқ мамлакатнинг олиб ташланиши Пентагонга йилига 100 миллион АҚШ доллари иқтисод қилиш имконини бериши айтилмоқда.