Ўзбекистонда прокуратура ходимларига имтиёзлар берилди

Ўзбекистон прокуратураси ходимлари судьялар каби узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ва уй ижараси учун компенсация олиш ҳуқуқига эга бўлди.
Ўзбекистон матбуотининг 15 январь куни билдиришича, Вазирлар маҳкамасининг бу борадаги қарори 7 январда имзоланган.

2012 йилнинг 13 ноябрида Ўзбекистон президенти Фармони билан бундай имтиёз судьяларга берилган эди.

Имтиёзли ипотека кредитлари судьялар ва прокуратура ходимларига 10 йилдан кам бўлмаган муддатга берилади.

Ижара учун компенсация эса ўзи яшайдиган ҳудуддан бошқа жойда ишлаётган прокуратура ходимлари ва судларга берилади. Компенсация миқдори Тошкент учун тўрт минимал иш ҳақини, Нукус ва вилоятлар марказлари учун уч минимал иш ҳақини, бошқа туман ва шаҳарлар учун икки минимал иш ҳақини ташкил этади.