Марғилонлик кекса футбол ишқибози ЖЧ-2014га велосипедда бормоқчи

Ўзбекистонлик 64 ёшли ҳаваскор велосипедчи Акром Маъруфжонов жорий йилда Бразилияда ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатига велосипедда йўл олади.

Бу ҳақда марғилонлик кекса велосипедчи Ўзбекистон футбол федерациясига маълум қилди.

Иккита қизи ва тўрт невараси бўлган оқсоқол велосипед билан узоқ сафарга илк бор чиқаётгани йўқ. У 1995 йили Ҳаж сафарига ўзининг икки ғилдиракли транспортида бориб келган.

Акром Маъруфжонов 2006 йилда Жаҳон чемпионати баҳсларини бевосита томоша қилиш учун Германияга ҳам борган эди.

Тошкентга шахсий ишлари билан ўз велосипедида қатнайдиган марғилонлик велосипедчи 2006 йилги Жаҳон чемпионати баҳсларида Германия терма жамоаси ва Мюнхеннинг “Бавария” клуби собиқ дарвозабони Оливер Кан билан учрашиб, унга махсус совға саломлар топширган.

Акром Маъруфжонов 2010 йили Жанубий Африкада ўтган Жаҳон чемпионатига ҳам бормоқчи бўлган, бироқ айрим сабабларга кўра унинг бу режаси амалга ошмай қолган.