Ўзбекистонда қийноқларга қарши қонун кучга кирди

Қамоқхонадаги маҳбуслар қийноқлардан шикоят қилиб¸ Каримов ва Иноятовга хат ëзишган, 2007 йилда олинган сурат.

Ўзбекистонда қийноқларни тақиқловчи қонун 2013 йилнинг 25 декабридан кучга киргани ҳақида ўзбек матбуоти хабар берди.

“Тезкор қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонун 2012 йилда қабул қилинган ва 2013 йил охирида амалга киритилиши белгиланган эди.

Қонунда "Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон шаъни ва қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас", деб таъкидланган.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ва халқаро ташкилотлар қийноқларга қарши қонун кучга кирганига қарамай, амалда бу қонун ишламаётганини иддао қилиб келадилар. Ҳуқуқ фаолларига кўра, тергов жараёнида маҳбусларни қийноқларга солиш ҳолатлари давом этмоқда.